Филиал жамоаси нуроний отахоннинг дуосини олди

304

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг меҳнат жамоаси ва талаба-ёшлари I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор Б.Абдировнинг ҳолидан хабар олди.

Филиал  директори Адилбай Есимбетов ва ходимлар Бухарбай ота ва унинг оила аъзоларини Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги билан самимий қутлаб, эзгу тилакларини билдиришди. Узоқ йиллар давомида машаққатли ва ҳалол меҳнат қилиб, юртимиз ривожига ҳисса қўшган бу инсонга қанча ижобий таърифларни келтирсак, шунча камдек туюлаверади. Бухарбай ота ўзига кўрсатилган бундай  эътибор ва эъзоздан мамнун бўлиб, талаба-ёшлар билан  кўп йиллик меҳнат фаолияти ва ҳаёт тажрибаларини ўртоқлашди.

–Сизлардек бўлажак ёш ветеринар мутахассисларни кўриб, жуда севиндим,–дейди Бухарбай ота Абдиров.–Юртимизнинг эртанги келажагини сизлар яратасиз. Мен пок орзулари амалга ошиб, узоқ яшаб келаётган мустақил юртимнинг бахтли кекса авлодларидан бириман. Сизлар мендан ҳам юксак муваффақиятларга  эришишингизга ишонаман, боиси бунинг учун юртимизда барча имконият эшиклари очиқ.

Қаҳрамонимиз  ёшларга  илмий фаолияти бўйича батафсил ҳикоя қилди. Талабаларга бугунги фаровон ҳаётимизга беҳад шукур қилиб, билимларни пухта ўзлаштиришни, эзгу мақсадлар сари интилишни маслаҳат берди.

Самимий  мулоқотдан  сўнг  нуроний  отахонимиз қўлларини яхши ният билан дуога очиб, юртимиз тинч ва осмонимиз мусаффо бўлишини тилади. Табаррук ёшдаги отахон ўзига кўрсатилган ҳурмат ва эътибордан миннатдор эканлигини билдирди.

Байрам муносабати билан отахонга совға-саломлар топширилди. Ватанимиз ривожи учун хизмат қилган бундай нуроний отахонларимизнинг ҳар бири ёшларга чин маънода ўрнак бўла олади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири