Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш азалдан халқимизга хос эзгу фазилатлардан бири. O’zLiDeP партиясидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати этиб сайланган Баҳодиржон Сидиқов кекса нуроний онахон ва отахонларнинг дуоларини олиш мақсадида “Амударё”, “Жийдали бойсун”, “Анасай” ва “Саманбай” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 50 нафардан зиёд кекса авлод вакили учун Бухоро вилоятига саёҳат ташкил қилди.
Саёҳат орқали инсон нафақат мазмунли ҳордиқ, балки ёқимли лаҳзалардан завқ ҳам олади, тажриба ва билим, кенг дунёқарашга ҳам эга бўлади. Айниқса, қадимий манзилгоҳлар сизни олис ва кўҳна тарих қаърига олиб киради. Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Нукус шаҳридан саёҳатга йўл олган кекса авлод вакиллари Бухоро вилоятининг тарихи, маданий мерослари ҳамда маданияти билан яқиндан танишди.
Нуронийлар Бухоро вилоятининг Хўжа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хўжа Ориф Ревгарий, Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Ҳазрат Хўжа Али Ромитаний, Хўжа Муҳаммад Бобойи Самосий, Хўжа Саййид Амир Кулол ва Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий каби бой тарихга эга ислом дунёсида етти пир номини олган авлиёлар қадамжоларини зиёрат қилиб, бой таассурот билан қайтди.
–Депутат ташаббуси билан ташкил этилган мазкур саёҳатга турли соҳаларда фидоий кўрсатган нуронийлар таклиф этилди, – дейди O’zLiDeP Нукус шаҳар кенгаши аппарат раҳбари А.Аманбаев. – Бу анъанага айланиб бормоқда.
Чунки депутат ташаббуси билан ўтган йиллар давомида нуронийларимиз Хива, Самарқанд шаҳарларига ва Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрига саёҳат қилиб, уларнинг тарихи, маданияти ва диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб қайтган эди. Май ойи маданият ва маърифат ойлиги доирасида онахон ва отахонларимиз кўрсатилаётган эътибор ва ҳурматдан кўнгиллари тўлиб, депутатга ўз миннатдорлигини билдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири