Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Қозоғистонда поёнига етган «Катта дубулға» туркумидаги халқаро турнир якунларига кўра янгиланган рейтингни эълон қилди. Хўш, Ўзбекистон дзюдочиларининг вазнлардаги жойлашуви қандай бўлди? Неча нафар спортчимизнинг номи IJF рейтингида келтириб ўтилди?

“Париж-2024” ўйинлари остонасида янгиланган IJF рейтингида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Диёра Келдиёрова (-52), Давлат Бобонов (-90), Музаффарбек Тўрабоев (-100) ҳар бир вазндаги кучли юзлик рўйхатида 2-ўринларда қайд этилган бўлса, 16 нафар истеъдодли дзюдочимиз ТОП-20 таликдан ўрин эгаллади.

Юртимиз дзюдочилари орасида -60 килода Дилшодбек Боратов 15-ўринда, Достон Рўзиев 18-ўринда қайд этилди. 66 килода Меҳриддин Тиловов ва Сардор Нуриллаев 11 ва 12-поғоналарни, -73 килограммда Шаҳрам Аҳадов 4, Муроджон Йўлдошев 6, Обидхон Нўъмонов 21-қаторда кўриниш берди.

Шунингдек, 81 килограммда 3 нафар, 90 килода 2 нафар, 100 килограммда 4 нафар, +100 килограммлилар орасида эса 3 нафар спортчимиз муносиб поғоналарни банд қилгани кўрсатиб ўтилган.

Дзюдочи қизлар рейтингида Ўзбекистон терма жамоасининг 13 нафар аъзоси ўрин эгаллаганини назарда тутсак, юртимизда аёллар дзюдоси жадаллик билан ривож топаётганини кўрсатмоқда.

Мухтасар айтганда, 19-23 май кунлари Абу-Даби шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан эълон қилинган рейтингда 30 нафардан зиёд маҳоратли ёшларимиз номи келтирилгани дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг “Париж-2024”даги ўрни салмоқли бўлишидан далолат бераётгандек.

Т.Рўзиев, ЎзА