Польша пойтахти Варшавада беш кун давом этган Poland Rapid & Blitz” халқаро турнири Магнус Карлсеннинг ғалабаси билан ниҳоясига етди.
Дунёнинг 10 нафар энг маҳоратли шахматчилари иштирокидаги рапид ва блиц йўналишидаги ҳар бир “дуэль” миллионлаб “ақл жанги” ишқибозларига ўзгача завқ тортиқ этди.
Турнирда етакчилик қилиб келган хитойлик Вейнинг блиц йўналиши 16-турида Шевченко билан дурангга эришиши, 17-турида ҳиндистонлик Праггнанандхаага имкониятни бой бериши ғолиблик дунёнинг биринчи рақамли шахматчиси Магнус Карлсенга насиб этишига олиб келди.
Мукофот жамғармаси 175 минг АҚШ долларини ташкил этган ушбу мусобақанинг рапид йўналишида хитойлик Вэй И 13 очко билан ғолибликни қўлга киритганди. Ўнта турда мағлубиятга учрамаган Магнус Карлсен 12 очко билан иккинчи ўринни эгаллаганди.
Жаҳон рейтингида 5-ўринда бораётган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов рапид йўналишида 8 очко жамғариб, ҳиндистонлик Эригайси билан 6-7 ўринларни тақсимлаб олишди.
Кеча турнирда блиц баҳслари якунланди. Блицнинг икки кунлик мусобақаларида шахматчилар умумий ҳисобда 18 та тур ўйинларида куч синашди.
Ўтказилган ушбу турлар сарҳисобига эътибор қаратсак, Нодирбек Абдусатторов биринчи кунги 9 та турнинг 3 тасида ғалабага эришган бўлса, 3 тасида дуранг қилди, 3 тасида эса мағлубиятга учради.
Шахматчимиз турнирнинг сўнгги кунида эса 9 та турнинг 4 тасида ғалаба қозонди, 2 тасида дурангга имзо чекди , қолган 2 тасида эса ўз мағлубиятини тан олди.
Халқаро турнирнинг блиц баҳсларида Н. Абдусатторов мусобақа ғолиби Магнус Карлсенни бир марта мағлуб этган бўлса, бир марта имкониятни бой берган.
Айтиш лозим, Нодирбек блицнинг 3-турида қора доналарда жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни доғда қолдиришга муваффақ бўлди. Кеча Карлсен ўша мағлубият учун реванш олди. Айнан ушбу муваффақият Магнуснинг Poland Rapid & Blitz” ғолибига айлантирди.
Магнус Карлсен ҳар икки йўналишда 26 очко жамғарган бўлса, хитойлик Вэй И чемпиондан 0,5 очко ортда қолди. Кучли учликка мезбонлар вакили Ян-Кшиштоф Дуда 19,5 очко билан якун ясади.
Блиц йўналишида 9,5 очко билан 5-ўринни эгаллаган Нодирбек Абдусатторов умумий ҳолатда 17,5 очкога эга бўлган ҳолда нуфузли мусобақани 6-ўринда якунлади.
Ушбу турнирда ғолиб шахматчи 40 минг АҚШ долларига эга чиқди. Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 6-ўринни эгаллаб, турнир низомига мувофиқ ,11 минг АҚШ доллари соҳиби бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА