Бразилияда кучли ёмғир сабаб юз берган сув тошқинида ҳалок бўлганлар рўйхатида 144 киши қайд этилган, 125 инсоннинг тақдири номаълум.

Мамлакат жанубидаги Рио-Гранде-ду-Сул штатида ўтган ҳафтадан бери давом этаётган кучли ёмғирдан кейинги тошқин қурбонлари кўпаймоқда. Ярадорлар ҳозирча 800 киши. Жами 2,1 миллиондан зиёд одам жабр кўрган, 620 000 фуқаро кўчишга мажбур бўлди.

Губернатор Эдуардо Лейте 3 май куни қутқарувчилар етиб бора олмайдиган ҳудудлар ҳам борлигини айтди.

– Оғир вазиятни бошдан кечиряпмиз, – дея қўшимча қилди у. – Бу давлатимиз тарихидаги энг ҳалокатли воқеа.

Лейте фожиа кўлами туфайли штат бўйича 180 кунлик “табиий офат ҳолати” эълон қилингани, одамларни эвакуация қилиш учун катта иш олиб борилаётганини айтди.

Табиий офатдан жабр кўрган ҳудудлардан икки марта хабар олган Президент Луиз Инасиу Лула да Сильва минтақа тикланишига ишонч билдирди.