Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған АҚШга ташрифини бекор қилди. Бунга икки давлат раҳбарларининг иш жадвали тиғизлиги сабаб бўлди, деган мамлакат етакчиси Грецияда чиқадиган “Катимерини” газетасига берган интервьюсида.

– АҚШга ташриф иш жадвалимиз бир-бирига тўғри келмагани учун бекор қилинди, – деди Эрдоған. – Ўзингизга маълум, Қўшма Штатлар сайлов арафасида турибди ва Байденнинг иш жадвали янада тиғизлашган. Умумий дастурларимиз ижроси мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам жадал давом этмоқда. Бундай ташрифлар икки мамлакат учун ҳам қулай вақтда амалга оширилади.

Аввалроқ Туркия ТИВ мазкур тадбир 9 майга мўлжаллангани, бироқ иш жадваллари ўзаро мос келмагани сабабли кейинроққа, икки томон учун қулай бўлган вақтга кўчирилгани хусусида ёзганди.

Эрдоған маълум қилишича, ҳозир қулай сана муҳокама қилиняпти.