Бугун, 8 май куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини шакллантириш тизимини такомиллаштиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтган тақдимотда олий таълим йўналишларини оптималлаштириш, қабул ва малака тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди ва бу борада Президент томонидан қатор вазифалар, мақсадлар белгилаб берилди.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, қуйидаги ислоҳотларни жорий қилиш таклиф этилди.

Давлат буюртмасини шакллантириш бўйича:

— давлат буюртмаси параметрларини амалдаги олийгоҳлар кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида тасдиқлаш тартиби жорий этилади;

— ижтимоий-гуманитар йўналишларга давлат буюртмасини қисқартириб, ушбу квоталарни устувор равишда муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳалари орасида тақсимланади;

— 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари олий маълумотли кадрларни тайёрлаш ва уларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ 4 йиллик давр учун тасдиқланади (амалда 1 йил);

— олийгоҳлар моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркибидан келиб чиқиб, кейинги ўқув йили учун умумий қабул параметрларини (грант ва контрактга ажратмаган ҳолда) бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича шакллантиради;

— давлат буюртмаси асосида грант ўринлари ҳар бир йўналиш учун республика бўйича тўпланган баллар кетма-кетлигига кўра абитуриентларнинг танловига мувофиқ амалга оширилади.

Олийгоҳларга ўқишга қабул қилиш жараёнлари бўйича:

— ўқишга кириш учун минимал ўтиш балини 2 босқичда ошириб, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув йўналишлари учун – 94,5 балл, бошқа йўналишлар учун – 75,6 балл этиб белгиланади (амалда барча йўналишлар учун – 56,7 балл);

— давлат гранти талабалар учун таълим гранти ва ижтимоий-рағбатлантирувчи грант шаклида ажратилади.

Бунда:

а) таълим гранти – талабаларга бир ўқув йили учун ажратилади ҳамда 1-курсда ўқишга кириш натижалари бўйича, 2-курсдан бошлаб рейтинг кўрсаткичлари бўйича энг юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади;

б) ижтимоий-рағбатлантирувчи грант – мақсадли қабул ва имтиёз асосида қабул қилинган талабаларга бутун ўқиш даври учун берилади;

в) таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тугатгандан сўнг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.

— сиртқи таълим шакли учун квоталарни кундузги таълим шакли учун ажратилган квотадан оширмаслик белгиланади. Сиртқи таълим шакли босқичма-босқич масофавий таълим шаклини кенгайтириш ва узайтирилган таълим шакли жорий этиш орқали тугатилади.

— магистратура ва докторантурага қабул қилишда хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификат талаби қуйидагича ўзгартирилади:

а) таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилинади;

б) соҳа хусусиятидан келиб чиқиб маданият, санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, архитектура ва қурилиш, физика ва табиий фанлар, транспорт хизматлари йўналишлари бўйича сертификат талаби бир поғона – B1 даражасига туширилади. Сертификат талаби хорижий тиллар йўналишларида C1 даражада, аниқ фанлар, биология, математика, ҳуқуқ, журналистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт йўналишларида B2 даражада сақланади.

— олийгоҳ ҳамда коллеж ва техникумларга қабул қилиш имтиҳонлари «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида ўтказилади.

Бунда:

а) абитуриентлар тестни 1 маротаба топширади ва тўплаган бали билан дастлаб олийгоҳга, бали олийгоҳга етмаган тақдирда, профессионал таълим ташкилотига кириш учун танловда иштирок этади;

б) олийгоҳларга қабул жараёни 2 босқичда:

1-босқич рўйхатдан ўтиш ва тест фанларини танлаш;

2-босқич олийгоҳ – тест натижаси эълон қилингандан сўнг таълим йўналиши ва шаклини танлаш орқали амалга оширилади.

Амалда абитуриент рўйхатдан ўтишда мос 5 тагача олийгоҳни (йўналишни) танлайди ва ушбу олийгоҳлар (йўналишлар) бўйича танловда иштирок этади.

Умиджон Қурбонов, ЎзА