Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши томонидан ўтказилган республика ёшларининг онлайн форумида Қорақалпоғистон Республикасидан партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари партиянинг дастур ва лойиҳаларини такомиллаштириш, янги ташаббусларни илгари суриш, ижтимоий масалаларга янгича ечимлар топиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Форумдан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан “Депутат ва ёшлар” мавзусида учрашув ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари, Қорақалпоғистон Республикаси партия кенгаши масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов кириш сўзи билан очди ва партия кенгашлари, депутатлар томонидан олиб борилаётган ишлар ҳамда партиянинг ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолиятига эътиборни қаратди.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шароитлар ва имкониятлар яратиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Мустаҳкам ҳуқуқий база ва янги тизим яратилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида зарур вазифалар белгиланди.

Партия кенгашлари ва депутатлар томонидан амалга оширилган лойиҳалар, учрашувлар ва партия электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами вакилларини қўллаб-қувватлаш борасидаги “Депутат маҳаллада”, “Партия электорати доимий эътиборимизда”, “Ёшларга кўмак”, “Меҳр улашайлик”, “Уйма-уй”, “Қонунчилик ёшлар нигоҳида” “Сафимиздаги ёшлар”мавзусида амалий тадбирлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг ўз ташаббусларини руёбга чиқаришлари учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритилди.

Учрашув давомида партия сафига янги қабул қилинган ёшларга гувоҳномалар топширилди. Шунингдек, республика ёшларининг онлайн форумида фаол иштирок этган барча ёшларга махсус совғалар тантанали равишда топширилди.

Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорги дарахт кўчатларини экиш ишлари самарали олиб борилмоқда ва ушбу тадбирларда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар, партия фаоллари ва партиянинг “Ёшлар қаноти” аъзолари фаол иштирок етиб келмоқда.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партиянинг Қорақалпоғистон Республика кенгаши масъул ходимлари ва партиянинг бир гуруҳ фаол ёшлари иштирокида яхши ният билан дарахт кўчатлари экилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари