Ўзбекистон элчиси Ашраф Ходжаев Қатар ижтимоий тараққиёт ва оила вазири Марьям Ал-Миснад билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Қатар ўртасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Марьям хоним Қатарнинг ногиронлар учун шаҳар инфраструктурасини яхшилаш, етим болалар ва қарияларга эътибор бериш, жамиятда хотин-қизлар ўрнини мустаҳкамлаш йўналишларида эришган ютуқлари бўйича тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.

У, шунингдек, Қатарда мазкур йўналишларда иш олиб борувчи жамоат ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишиш ва ҳамкорлик лойиҳаларини ўрганиб чиқишни таклиф этди.

Вазир Марьям Ал-Миснад Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбарияти бошчилигидаги делегацияни Қатарга таклиф қилди.