Кеча Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Сьерра-Леоненинг мамлакатимиздаги биринчи элчиси Муҳаммад Ёнгавони қабул қилди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

– Сьерра-Леоне Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Муҳаммад Ёнгаво жанобларини қутлашдан ва унинг ишонч ёрлиқларини қабул қилишдан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Икки томонлама алоқаларимизни бойитиш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжуд. Жаноб элчига мамлакатимиздаги фаолияти давомида барча соҳалардаги кенг имкониятларни ўрганишда муваффақиятлар тилаймиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Сьерра-Леоне ўртасида 2023 йил 28 апрелда дипломатик муносабатлар ўрнатилган эди. Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Сьерра-Леоненинг БМТдаги доимий вакиллари томонидан Қўшма коммюнике имзоланган. Сьерра-Леоне Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 143-давлат бўлган эди.