Беларусь Республикаси ёғочни қайта ишлаш ва мебель саноатининг бир гуруҳ вакиллари Андижонда бўлди.

Андижонда мебелсозлик саноатини ривожлантириш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, мазкур йўналишда машҳур брендга эга хорижий корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Беларусь Республикаси мебелсозларининг ташрифи ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилди.

Таъкидлаш жоизки, Беларусь Республикаси иқтисодиётида ёғочни қайта ишлаш ва мебелсозлик саноати муҳим ўрин тутади. Айниқса, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган мебель маҳсулотлари жаҳон бозорида алоҳида мавқега эга. Чунки Беларусдаги мебель ишлаб чиқарувчи аксарият корхоналар узоқ тарихга эга, энг замонавий ва илғор технологиялар билан жиҳозланган. Масалан, Гомель области Новобелиций районида жойлашган “Гомельдрев” корхонаси 1929 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда корхонада юзлаб турдаги мебеллар, каркас уйлар, паркет, фанера, МДФ плиталари, иситиш брикетлари сингари кўплаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Андижонга келган «Гомельдрев» ОАО бош директори М.Соляник, “Речидсадрев” ОАО бош директори С.Болачков, “Гомель” давлат ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори Ю.Шумский, Елск мебель фабрикаси директори С.Патапенко ва «Калинковия» ўрмон хўжалиги директори А.Демидко иштирокида андижонлик тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар билан қатор учрашувлар ўтказилди.

Куннинг биринчи ярмида меҳмонларнинг Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг республика ҳамда вилоят вакиллари иштирокида Андижондаги мебель ишлаб чиқарувчи тадбиркор ва ҳунармандлар билан В2В форматида учрашуви ўтказилди.

Учрашувда Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан Андижоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва корхоналари ҳақида, шунингдек, вилоятда мебелсозликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Дўстона ва ишчанлик руҳида ўтган учрашувда меҳмонлар Андижонда фаолият олиб бораётган мебелсозлар билан ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.

Учрашувдан сўнг, меҳмонлар Андижон шаҳридаги «Барака мебель» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Жамиятга қарашли савдо дўконида бўлган беларуслик мутахассислар мебелларни кўздан кечирди, корхона билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор таклифларни билдирди.

Беларуслик меҳмонлар куннинг иккинчи ярмида Андижон шаҳридаги «Шарқ юлдузи» мебель фабрикасида ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Шундан сўнг беларуслик ҳамкорлар Олтинкўл туманида ташкил этилиши кутилаётган «Мебелсозлик саноат зонаси» лойиҳаси билан таништирилди.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари