Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Ушбу хайрли ташаббусга нафақат қорақалпоғистонлик, балки юртимизнинг барча ҳудудларидан фуқаролар, шу жумладан, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлари муносиб ҳисса қўшмоқда.
Жумладан, Наманган муҳандислик-технология институтининг бир гуруҳ иқтидорли талабалари ва профессор-ўқитувчиларидан иборат жамоаси Президент ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида бўлди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида институт ҳузурида ташкил этилган “Яшил макон волонтёрлари” гуруҳи томонидан ҳудуднинг иқлимига мос жийда, саксовул кўчатлари ва унинг уруғлари экилди.
– Талабалик давримда ҳам саёҳат, ҳам хайрли ишга қўшилганимдан хурсандман, – дейди мазкур институтнинг фаол ёшларидан бири Сайидали Ҳайиталиев. – Орол ҳақида кўп эшитганман, лекин, биринчи маротаба ўз кўзим билан кўрдим. Биз водийдан Мўйноққа ўзимиз билан кўчатлар олиб келдик ва денгиз ҳудудига экдик. Умид қиламизки, биз эккан ниҳоллар узоқ йиллар давомида яшнаб, Мўйноқ табиатининг янада гўзаллашишига хизмат қилади.
Талабалар юртимиз экологиясига қўшган ҳиссасидан жуда мамнун бўлди. Институт ҳузуридаги “Яшил макон волонтёрлари” гуруҳининг навбатдаги делегацияси куз фаслида Орол денгизи ҳудудида кўчат экишни режалаштирмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири