Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) Исроил Мадримов ва Теренс Кроуфорд ўртасида ўтадиган жанг ғолиби WBO йўналишининг вақтинчалик камарини қўлга киритиши ҳақида хабар берди.

Мазкур жангда ғалаба қозонган боксчи биринчи ўрта вазн тоифасида вақтинчалик (Interim) WBO камари соҳиби бўлади. Айни дамда, ушбу вазн тоифасида WBO йўналиши чемпиони Себастян Фундора ҳисобланади. «Interim WBO» камари учун Исроил ва Теренс ўртасидаги баҳс жорий йилнинг 3 август куни Лос-Анжелес шаҳрида ташкил этилади.

Шу муносабат билан Исроил Мадримов бугун эрта тонгда АҚШга жўнаб кетди. Эртага унинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказиладиган жангга бағишланган матбуот анжуманида иштирок этиши кутилмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА