“ABC News” нашри АҚШ мулозимига таяниб тарқатган хабарга кўра, ўтган тун Исроил Эрон объектларига ракетадан зарба берган.

“Reuters” ёзишича, Эрон оммавий ахборот воситалари Исфахон шаҳри аэропорти ҳудудида уч марта портлаш қайд этилгани ҳақида ёзди. “Fars” агентлиги маълумотида ушбу ҳодиса Ҳарбий ҳаво кучларининг ҳаво қўналғасига яқин жойлашган 8-чи базаси ёнида содир этилгани айтилган, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушгани ҳам таъкидланган.

Ҳукумат Теҳрон, Исфахон ва Шероз шаҳарлари осмонида парвозни тақиқлаган.

Эрон мулозимлари мамлакатга қарши уюштирилган ҳужумда ракетадан фойдаланилмагани, портлаш овози Ҳаво мудофааси тизими ишлаб кетиши натижасида юз берганини маълум қилди.

Блумберг” Исроил жума куни АҚШ ҳукуматини яқин 24-48 соат оралиғида Эронга жавоб зарбаси бериш режалаштирилаётганидан хабардор қилган.

CNN  телеканали Оқ уй маъмурияти вакилига таяниб хабар беришича, АҚШ Исроилнинг Эронга жавоб зарбасини қўллаб-қувватламаган.

Fox News” телеканали АҚШ ҳарбий манбаларига таяниб, Исроилнинг Эронга зарбаси “чекланган” тарзда амалга оширилганини ёзди.

Эронга қаратилган зарба манзили Исфахон шаҳри яқинидаги ҳарбий ҳаво кучлари базаси бўлган, ЭИР ядровий объектлари нишонга олинмаган, дея хабар тарқатди “New York Times” газетаси Эрон манбасига таяниб.

“Tasnim” агентлиги ёзишича, Эрон марказий Исфахон вилоятидаги ядровий объектлар хавфсизлиги тўлиқ таъминланган. Таъкидланишича, қатор хорижий ОАВ ушбу объектларга зарар келтирилгани ҳақида тарқатган хабарлар ҳақиқатдан узоқ.

Маълумки, 14 апрель тунда Эрон армиясининг сараланган бўлинмаси ҳисобланган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Исроил ҳудудига зарба йўллади. Бу ҳаракат Исроил Суриядаги Эрон консулхонаси биносини ракета ёғдириб вайрон қилганига жавоб сифатида амалга оширилди. Эрон Исроилга ҳужум қилишда, турли маълумотларга кўра, бир неча юз ракета ва дрондан фойдаланган. Хусусан, Исроил ҳудудига “Shahed” камикадзе дронлари, “Фаттоҳ” ва “Фаттоҳ-2” гипер товушли ракеталари билан зарба берилган. Эроннинг давлатга қарашли “Press TV” телеканали гипер товушли ракеталарнинг барчаси нишонга етиб боргани ҳақида ахборот берди.

Исроил армияси тарқатган маълумотда келтирилишича, Эрон жами 300 дан ортиқ ракета ва учувчисиз учар қурилма, жумладан 170 дрон, 30 қанотли ракета ва 120 дан зиёд баллистик ракета учирган бўлса-да, фақат “бир нечтагина ракета мамлакат ҳудудига етиб борган ва “арзимаган зарар” келтирган.

С.Раҳимов, ЎзА