Тожикистон ҳақида қизиқарли маълумотлар

Глобус
Қўшни Тожикистон Республикаси ҳақида шу кунларда кўплаб маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёзмоқда. Боиси, кеча ва бугун давлатларимиз ўртасида тарихий аҳамиятга молик ҳужжатлар имзоланиб, ўзаро муносабатда янги даврга қадам қўйилди. ЎзА “Глобус” лойиҳаси орқали мазкур давлат ҳақидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этади.
Тожикистон Марказий Осиёда жойлашган гўзал мамлакатлардан бири. Тўғридан-тўғри денгизга чиқмаса-да, бир вақтлар машҳур Ипак йўли марказида бўлган. 9 миллион 750 минг аҳолига эга бу юртда тоғ ва дарё жуда кўп.
Пойтахт Душанбе бетакрор шаҳар, гўзал боғлар узра қад кўтарган. Дунёдаги иккинчи энг баланд 164 метрли байроқ устуни, Дўстлик майдонида жойлашган Х асрга оид Исмоил Сомоний ёдгорлиги шу кентда.

Мамлакат ҳудудининг 90 фоизи тоғ, 50 фоизи денгиз сатҳидан 3000 метр баланд жойлашган. Помир ва Олой тизмаларидаги жуда баланд чўққилар орасида 7495 метрга бўй чўзган Исмоил Сомоний чўққиси ажралиб туради.
Дарёларининг 900 дан кўпи 10 километрдан узун. Жумладан, Aму ва Сир ҳам Тожикистонни ювади.
Aфсуски, сейсмик фаол ҳудудда жойлашган бу заминда 1907 йил дунёдаги энг ҳалокатли офатлардан бири – Қоратоғ зилзиласи юз берган. Ўшанда 12 000 дан ортиқ одам вафот этган. 1949 йил Ҳайит зилзиласи ҳам минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган.

Тожикистоннинг ўзига хос рамзларидан бири Фан тоғидаги Искандар кўлидир. Учбурчак шаклга эга ва тош чўққилар билан ўралган кўлнинг суви кун давомида рангини ҳайратланарли даражада ўзгартириб туради. Искандар Зулқарнайн шарафига шундай номланган.
Тожикистон маданияти, миллийлиги ва тили хилма-хил мамлакат. Милодий VII асрда мамлакат Осиё буддизми маркази эди, кейинчалик Ипак йўлининг муҳим нуқтасига айланди. XII асрда Тожикистонга ислом маданияти кириб келган. Буларнинг бари тил, меъморчилик ва санъатга таъсир қилган. Тожик маданияти ўта ўзига хослиги, чуқур рамзийлиги ва бой тарихий мероси билан ажралиб туради.
Маданият, айниқса, танҳо Яғноб водийсида яққол намоён бўлади. Бу жой аҳолиси асрлар давомида ташқи дунё билан, деярли, алоқада бўлмаган. Улар қадимги сўғдхалқининг бевосита авлоди ҳисобланади. Яғнобийлар ҳозир ҳам ўлик сўғд тили шевасида сўзлашади.

Тожикистон қишлоқларида аёллар анъанавий либос кийишади. Шаҳар аҳолиси ва эркаклар, асосан, Европа услубини маъқул кўришади. Байрамларда одамлар миллий либосда юрадилар. Аксар кийим-кечак пахта ва ипакдан тикилади, либослар ранг-баранглиги, шакли кишини ҳайратга солади.
Тожикистон ажойиб табиати билан сайёҳларга бетакрор таассурот улаша оладиган ўлка. Бу ерда йўловчини ҳаяжонга солувчи тоғ йўллари, тиниқ дарё ва кўллар, кенг ясси майдонлар, миллий боғлар бисёр. Маданият тадқиқотчиларига кўплаб қадимий иншоотлар сақланиб қолган кичик шаҳарчаларга бориш тавсия этилади.
Мамлакатнинг энг машҳур сайёҳлик жойлари – Қоракўл кўли, Помир чўққилари, Душанбе Миллий музейи, Хўжанд ва Ҳисор қалъалари ҳамда Миллий боғ.

Яна бир қизиқ маълумот: Тоғли Бадахшон аҳолиси ўзини Искандар Зулқарнайн авлоди сифатида тақдим этади. Маҳаллий афсонага кўра, афсонавий қўмондон айнан шу ерда – Помирнинг кўтарилиш қийин бўлган чўққилари орасида дафн этилган. Дарвоқе, Искандар Зулқарнайн ҳозирги Тожикистон ҳудудида яшаган аёл, аниқроғи бақтриялик зодагон хоним Роксана (Рухшона)га уйланган.
Тожикистоннинг мазали лимони, пистаси ва чойи донг таратган. Тажрибали сайёҳлар бу неъматларни дунёдаги энг яхшилари, деб аташади ва уйларига олиб кетишади.
Машҳур Помир йўлаги Тожикистон ҳудудидан ўтади. Нуфузли географик ва туристик нашрлар бу ҳудудни доимий равишда дунёдаги энг гўзал йўллар рўйхатида қайд қилишади. Бу шосседа машина ҳайдаш осон эмас. Бинобарин, баланд тоғ чўққилари, ранг-баранг қоялар ва тубсизликда осилган Помир уйларининг кўриниши кишига ўзгача завқ бағишлайди.
Президентимизнинг ушбу мамлакатга навбатдаги давлат ташрифи ҳам мамлакатларимиз учун янги имкониятлар очиши, олий даражадаги учрашув ва мулоқотларда эришилган келишувлар, имзоланган ҳужжатлар халқларимиз фаровонлиги, мамлакатларимиз равнақига хизмат қилиши шубҳасиз.
Гўзал Сатторова, ЎзА