ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақалари ўтказилди. Баҳсларда Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан полвонлар иштирок этди.

Мусобақа аввалида ташкил этилган тантанали очилиш маросимда сўз олганлар кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан миллий спорт турларини ривожлантириш, спортчилар учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юртимиз полвонларининг халқаро майдонларда юқори натижаларни қайд этишига замин бўлаётганини таъкидлади.

Тадбир доирасида спортни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган фахрийлар ва ҳамкорларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Спорт даражасини бажарган бир гуруҳ полвонларга спорт устаси унвонлари берилди.

Икки кун давом этган мусобақанинг белбоғли йўналишида 9 та вазнда эркаклар, 7 та вазнда аёллар иштирок этган бўлса, эркин йўналишида 9 та вазн тоифасида йигитларнинг маҳоратига баҳо берилди. Айниқса, Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси спортчиларининг фаол ҳаракатлари мутахассисларда эътирофига сазовор бўлди.

Якунда ўз вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган спортчилар вилоят спорт бошқармаси ва вилояти белбоғли кураш федерацияси томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА