Туркиянинг Истанбул вилояти ҳокимияти официантлари ҳарбий либосда ишлаётган ресторан лицензиясини бекор қилди. Таъқиб жараёнида уч киши ҳибсга олинган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқда араб таомларини тайёрлайдиган ресторан официантлари мижозларга ҳарбий кийимда хизмат кўрсатаётгани акс этган видео намойиш қилинганди. Ҳокимлик матбуот хабарномасида ресторан маҳаллий фуқарога тегишли экани айтилган.
– Тасвирда акс этган ҳарбий кийимли официант, мулк эгаси ва ресторан директори қўлга олинди, – дейилган ахборотда. – Уларга нисбатан “Миллат, республика, давлат муассасаси ва идораси шаънини камситиш” айблови билан жиноий иш очилиб, тергов бошланди. Текширув натижасида рухсатсиз ва суғуртасиз ишлаётган хорижлик уч нафар ходим ҳам ушланиб, ватанига жўнатилган.