10-14-апрель кунлари “Томоша” болалар мусиқали театр-студияси Дубай (БAA) шаҳрида ўтказилган “Дубай Гранд Фестиваль” Халқаро болалар театрлари танловида қатнашиб, Гран-при соҳиби бўлди.

Грузия, Монголия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, БAA вакиллари иштирок этган мазкур танловда “Томоша” театр-студияси “Ўзбек сувенири”, “Ўзбекистон армуғони” номли  театрлаштирилган томошалари билан қатнашиб, энг юксак эътирофга лойиқ деб топилди.

Ўзбек миллий қадриятлари, маданий мероси, осори атиқалари ҳақида ҳикоя қилувчи мазкур  бадиий театрлаштирилган дастур  бутун дунёдан йиғилган томошабинлар олқишига сазовор бўлиб, мутахассислар томонидан танловнинг энг асл ва ёрқин томошаси дея баҳоланди.

Маданият вазирлиги мутассадилари томонидан “Томоша” болалар мусиқали театр-студияси ёш ижодкорлари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро Aэаэропортида тантанали кутиб олинди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Нодира Қурбонова раҳбарлигидаги “Томоша” болалар мусиқали театр-студиясининг ёш ижодкорларига келгуси ижодий ишларида зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

 

Н.Усмонова, ЎзА