Президент раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Тўқимачилик уюшмаси фаолиятини ҳам фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Кластерлар уюшмаси ва Тўқимачилик уюшмасини бирлаштириб, ягона “хомашёдан тайёр маҳсулотгача” тизимини яратиш таклиф қилинди.

Соҳадаги муаммоларни тадбиркордан яхши биладиган одам йўқлиги боис, уюшмани тўқимачиликнинг ҳар бир йўналишидаги тадбиркорлардан иборат кенгаш бошқаради.

Уюшма кластерлар ва тўқимачилик корхоналарига маҳсулот, инвестиция, экспорт ва иш ўринларини кўпайтиришга кўмаклашиши, брендлар билан ишлашнинг яхлит тизимини йўлга қўйиши, халқаро сертификатларга эга экспортчилар сонини ошириши, етакчи сорсинг, бренд ва ритейлерларни жалб қилиши, Европа давлатларида кенг қамровли тарғибот тадбирларини ўтказиши муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, кластерларда илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида уларда тадқиқот (R&D) гуруҳларини ташкил этиш таклиф этилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тадбиркорларнинг фикрлари ва мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.

ЎзА