Қадимий Олимпиянинг археологик майдончасида «Париж-2024» Олимпиадасининг машъаласини ёқиш маросими ўтказилди.Тарихий грек ибодатхонасида ўтказилган тантанали маросимда Греция президенти Катерина Сакелларопулу, Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, мусобақа ташкилий қўмитаси ва Париж шаҳри мерияси раҳбарлари ва бошқа бир қатор мутасаддилар қатнашди.
Маълумот учун, машъала эстафетаси 11 кун давомида Грецияда ўтказилади. Сўнгра 26 апрель куни «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинларининг ташкилий қўмитаси машъалани 120 ёшли «Le Belem» кемасида Марсел шаҳрига олиб кетади. 8 май санасидан машъала бутун Франция бўйлаб 26 июль – XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари стартига қадар сайр эттирилади.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, машъалани биринчи бўлиб кўтариш 2004 йилги Олимпиада чемпиони Лор Манадага насиб этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА