Жорий йилнинг 22-24 апрель кунлари пойтахтимиздаги Миллий кўргазмалар мажмуасида яна бир йирик тадбир – “ИННОПРОМ. Марказий Осиё» кўргазмаси бўлиб ўтади.

Янги ғоя, ташаббус ва янги ечимларга бой кўргазма доирасида қатор тадбирлар, турли бизнес учрашувлари ўтказилади. Кўргазманинг бизнес дастури доирасида халқаро, федерал ва минтақавий даражадаги саноат кооперациясининг янги йўналишлари ва воситаларининг кенгайтирилган муҳокамаси ташкиллаштирилади.

Бизнес дастурини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Россия ҳукумати раиси ўринбосари – Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров иштирокидаги “Марказий Осиёда халқаро саноат кооперацияси: саноат ва технология етакчилари билан ҳамкорлик” мавзусидаги асосий ялпи мажлис очиб беради.

Aсосий ялпи мажлис иштирокчилари савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, флагман лойиҳалар ва ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қиладилар.

Дастур шунингдек, бир қатор асосий йўналишлар бўйича тематик муҳокамаларни ҳам ўз ичига олиши кутилмоқда. Жумладан, “Яшил” транспорт, саноат корхоналарини комплекс бошқариш соҳасида рақамли ечимлар, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ва минтақавий шериклик доирасида ҳамкорлик, ёқилғи-энергетика мажмуасида “тоза” энергия ва инновациялар, стандартларни уйғунлаштириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, саноат логистикаси, саноат технопаркларининг халқаро инвестиция экотизимини яратиш йўналишлари бўйича энг замонавий халқаро тажрибалар ўрганилиб, таҳлил этилади.

Сессияларда Марказий Осиё, Россия, Туркия, Саудия Aрабистони сингари ўнлаб давлатлардан экспертлар ва ишбилармон доира вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Г.Сатторова,

ЎзА