«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Уй-жой кодекси, Шаҳарсозлик кодекси, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида» ва «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонунда хусусий мулкка бўлган ҳуқуқлар дахлсизлиги, тадбиркорлик субъектлари манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Унда ҳеч ким суднинг қарорисиз, қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати, у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши белгиланмоқда.

Бу Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди.

Қонун хусусий мулкнинг ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши кафолатларини кучайтиришга, тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириш учун қўшимча кафолатлар ҳамда шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Мажлисда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Ушбу қонун билан «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» ҳамда «Рақобат тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, давлат ёрдами берилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан белгиланган тартибда келишиш зарурлиги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунда акс эттирилмоқда.

Қонун билан рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар қўллашда хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан енгиллик берилмоқда.

Мажлисда кўрилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА