—
“Иордания подшоҳи Абдулла II АҚШ Президенти Жо Байден билан телефон орқали суҳбатлашиб, Яқин Шарқдаги жорий вазиятни муҳокама қилди. Суҳбат чоғида Иордания подшоҳи “минтақа урушлар майдонига айланмаслигини”, таъкидлаган. Унинг айтишича, “Исроил томонидан қўйиладиган ҳар қандай қадам можаро қатнашчилари доирасининг кенгайишига олиб келади, дейилади подшоҳлик саройи сайтида эълон қилинган хабарда.
***
Эроннинг камида тўққизта ракетаси Исроилнинг иккита авиабазасига келиб тушган, деб хабар тарқатди “ABC News” телеканали.
Унда айтилишича, Эроннинг тўққизта ракетаси Исроил ҳаво мудофаасини ёриб ўтиб, иккита авиабазага келиб тушган.
***
Эрон Президенти Иброҳим Раисий 22 апрелда икки кунлик ташриф билан Покистонга боради, деб хабар тарқатди “The News International” газетаси дипломатик доиралардаги манбааларга таяниб.
Хабарда айтилишича, сафар санаси Исломобод ва Теҳрон томонидан расман эълон қилиниши керак, бироқ Раисийнинг Покистонга бориш режаси аллақачон тасдиқланган. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ташриф амалга оширилишини тасдиқлаган. Икки давлат етакчилари ўртасида бўлиб ўтадиган музокараларда Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар, икки мамлакат ўртасида хавфсизлик бўйича ҳамкорлик, газ ўтказиш тармоғи қурилиши ва эркин савдо йўналишида келишувга эришиш масалалари муҳокама қилинади.
***
Танзанияда ёғаётган кучли ёмғирлар тошқинларга сабаб бўлмоқда. Табиий офат натижасида 58 киши қурбон бўлди, — дейилади «Agence France-Presse» нашри эълон қилган хабарда.
Ўн мингдан зиёд турар-жойлар шикастланган, 76,6 мингта фермер хўжаликлари зиён кўрган.
***
Эроннинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги доимий вакили Амир Саид Ираванийнинг фикрича, Исроил Эронга қарши ҳарбий жавоб қайтаришга ботина олмайди, чунки улар “иккинчи жазо” қандай бўлишини билади.
“Исроил томони иккинчи жазо қандай бўлишини яхши билади. Ўйлашимча, улар вазиятни кескинлаштиришнинг иккинчи босқичига ўтишмайди”, – деди Ираваний “Sky News” телеканалига берган интервьюсида.
***
“Yonhap” ахборот агентлигининг ёзишича, Шимолий Корея ўзининг иккинчи жосус йўлдошини коинотга олиб чиқиш учун тайёргарликни ниҳоясига етказган.
15 апрель Корея Халқ Республикаси асосчиси Ким Ир Сеннинг туғилган куни. Бу кунни шимолликлар “Қуёш куни” деб нишонлашади. 25 апрелда эса Корея халқ армияси ташкил топган кун. Йўлдош парвози ушбу кунларнинг бирида амалга оширилиши мумкин, дейилади хабарда.
***
Исроилнинг “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими юзлаб дронлар ва ракеталар бир пайтнинг ўзида ҳужум қилса, мамлакат ҳудудини ҳимоя қила олмайди. Хитойлик ҳарбий эксперт Вэй Дунсюй “Global Times” газетаси берган интервьюсида Эроннинг Исроилга берган зарбаларини шарҳлар экан шу ҳақда эслатди.
***
Агар АҚШ Эрон Ислом Республикасига қарши ҳарбий амалиёт бошлайдиган бўлса, мамлакатимиз ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланади, деди Эроннинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги доимий вакили Амир Саид Ираваний.
Саид Мурод тайёрлади,
ЎзА