2,2 миллиард долларлик 540 та лойиҳа амалга оширилади
Кейинги йилларда юртимиз бўйлаб йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса қурилиш материалларига бўлган талабни янада оширмоқда. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан айнан ушбу талабни қондириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов бу борада олиб борилаётган ишлар ва жорий йилнинг биринчи чорагида эришилган кўрсаткичлар ҳақида тўхталиб ўтди:
–2024 йилнинг январь-февраль ойларида қурилиш материаллари соҳасида 3,4 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ўсиш 108,2 фоизни ташкил этди. Хусусан, 2,1 миллион тонна цемент, 3,8 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 8,2 миллион квадрат метр гипсокартон, 4,1 миллион квадрат метр керамик плитка, 452 минг ўрам гулқоғоз каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган. Ўтган даврда 152,9 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2024 йилда қурилиш материаллари соҳасида 37,9 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ўсиш 111 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Умумий қиймати 2,2 миллиард долларлик 540 та лойиҳа амалга оширилади. 1,1 миллиард долларлик қурилиш материаллари экспорти амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида халқаро стандартларни ўрганиш, соҳага татбиқ этиш ҳамда сифатли ва хавфсиз янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш мақсадида 2019-2021 йилларда жами 1 минг 387 та ISO ва EN халқаро стандартлари қабул қилинган.
Шунингдек, уюшма тасарруфидаги 50 та корхонада Сифат менежмент тизими (ISO 9001) жорий этилган. Бу эса корхоналарга ўзининг сифатга содиқлигини намойиш қилиш, мижозлар эҳтиёжларини максимал даражада қондиришга интилиш ҳамда фаолиятни доимий такомиллаштириш имконини беради. Мижозлар фикрини фаол ўрганиш эса ишлаб чиқариш сифатини янада яхшилаш, модернизация қилиш ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқиш учун кенг имкониятларни аниқлашга ёрдам беради.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан 14 турдаги қурилиш материали бўйича 329 та халқаро (ISO) ва Европа (EN) стандартлари рўйхати шакллантирилган ва амалиётга жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА