Ўзбекистон ТИВ раҳбари Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котибини қабул қилди

Баҳрайнда 1976 йилдан буён нашр этиладиган “Кўрфаз янгиликлари” нашри “Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котибини қабул қилди” сарлавҳали мақолани эълон қилди.

Мақолада Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Бахтиёр Саидов мамлакатимизга ташриф билан келган Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасим Муҳаммад Ал-Будаивий билан учрашгани ёритилган.

Бош котиб Кўрфаз араб давлатлари Марказий Осиё мамлакатлари билан барча даражадаги ва барча соҳалардаги муносабатларига катта аҳамият беришини урғулаб, вазирларнинг ушбу иккинчи қўшма учрашувини ўтказиш ва икки томон ўртасидаги биринчи саммитдан сўнг бир йилдан камроқ муддат ичида, ҳар икки минтақани ривожланиш сари интилишининг янги далили сифатида қаралаётганини таъкидлаган.

Унинг қайд қилишича, қўшма вазирлар учрашувида рақамли иқтисодиёт, энергия хавфсизлиги ва ундан фойдаланишнинг мақбул йўллари каби мавзулар атрофида фикр алмашилади.

Дарҳақиқат, “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви кун тартиби кенг қамровли бўлиб, мавжуд алоқаларнинг янги йўналишларини очишга қаратилган энг долзарб мавзулар, жумладан, 2025 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган Стратегик мулоқот саммитига тайёргарлик кўриш масалаларини ҳам ўз ичига олади.

Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши: янги имкониятлар майдони

Эслатиб ўтамиз эртага 15 апрель куни Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё –Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтади.

Ўзбекистон, хусусан, Тошкент шаҳри Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари халқлари ўртасидаги кўп асрлик тарихий алоқалар, маданий алмашинувлар ва бугунги кунда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун улкан салоҳиятга асосланган минтақалараро боғлиқликнинг янги форматига амалий суръат бағишлайдиган муҳим халқаро форум ўтказиладиган манзилга айланмоқда.

2022 йилнинг 7 сентябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида “Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё” Стратегик мулоқотининг биринчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтган эди.

Бугунги кунда Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари бир-бирини ишончли ҳамкорлар деб билади. Форматнинг барча иштирокчилари икки минтақанинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорлигини кенгайтиришдан манфаатдор.

Икки минтақа ўртасидаги тарихий алоқалар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва фаоллаштиришнинг муҳим асоси саналади. Қадимдан Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари халқлари ўртасида яқин савдо алоқалари, умумий қадриятлар ва анъаналар мавжуд бўлган. Албатта, муқаддас Ислом дини халқларимизни бирлаштирувчи қудратли омил ҳисобланади.

Формат истиқболларини 2023 йил 19 июль куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммити якунлари тасдиқлайди. Олий даражадаги саммитда давлат етакчилари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг узоқ муддатли йўналишларини белгилаб берувчи 2023-2027 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режасини тасдиқлаган эдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда сўзга чиқиб, улкан иқтисодий, табиий ва интеллектуал ресурсларга эга Кўрфаз давлатларининг глобал барқарорлик ва энергетика хавфсизлигини таъминлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ижобий тажрибадан келиб чиқиб, икки минтақа ўртасида сиёсат, технология ва инвестиция, “яшил” иқтисодиёт, савдо ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, экология ва иқлим ўзгариши, туризм, маданият ва таълим каби қатор муҳим йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди. Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари барча иштирокчи мамлакатлар етакчилари томонидан якдил қўллаб-қувватланди.

Маълумот ўрнида: Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши 1981 йил 25 майда ташкил этилган минтақавий ташкилотдир. Унга Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Қатар, Ўмон ва Баҳрайн киради. Ушбу давлатлар углеводородлар етказиб берувчи етакчи минтақа ва нуфузли жаҳон молия маркази ҳисобланади.

Ташкилотнинг асосий мақсади – сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини мувофиқлаштириш, яъни, иқтисодий ва молиявий масалалар, таълим ва маданият, ижтимоий ва соғлиқни сақлаш, оммавий ахборот воситалари ва туризм, қонунчилик ва бошқарув муаммолари каби соҳаларни тартибга солишдан иборат. Кенгаш, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш соҳаларида илмий ва технологик тараққиётни рағбатлантиради.

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Кўрфаз араб давлатлари билан алоқалари янги поғонага кўтарилди. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча соҳаларда фаол ривожланмоқда. Олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашиляпти. Ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар билан ўзаро товар айирбошлаш, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони изчил ортиб бораётир. Улар орасида “АCWA Power”, “Мasdar”, “Мubadala”, “TACA”, “Nebras Power” каби етакчи компаниялар билан ҳамкорликда умумий қуввати 15 гигаваттдан ортиқ қуёш ва шамол электр станцияларини ҳамда энергия сақлаш иншоотларини қуриш каби муҳим лойиҳалар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Бўлажак Тошкент учрашуви шубҳасиз, томонлар бир-бирининг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш йўлидаги навбатдаги қадами бўлиб, жадал ривожланаётган икки минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро тушуниш, ишончли мулоқот ва тенг ҳуқуқли шериклик платформасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади, 

ЎзА