Аввал хабар берганимиздек, бугун 15 апрель куни Қатар яшил майдонларида футбол бўйичи 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Осиё кубоги бошланади.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан бир қаторда, 4 нафар ҳакамимиз фаолият олиб боради. Аниқроғи, Осиё кубогининг илк турида «Б» гуруҳидаги Жанубий Корея – БАА терма жамоалари ўртасидаги учрашувни Рустам Лутфуллин бошқарадиган бўлди. Қанотларда унга Санжар Шоюсупов ҳамда Алишер Усмонов ёрдам берса, яна бир ҳакамимиз Фирдавс Норсафаров ВАР ҳаками вазифасини бажариши кўзда тутилган. Ушбу баҳс Тошкент вақти билан 16 апрель куни соат 20:30 да старт олади.

Эслатиб ўтамиз, Темур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси «Д» гуруҳидан ўрин олган бўлиб, футболчиларимиз илк ўйинни 17 апрель куни Малайзия терма жамоасига қарши ўтказади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА