Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеясининг Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича махсус вакили Фара Каримий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Учрашувда бугунги кунда  парламент дипломатиясининг роли сезиларли даражада ошгани қайд этилди. Томонлар икки ва кўп томонлама парламент мулоқоти халқаро майдонда ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини минтақавий ва глобал муаммоларга қаратишга ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек, сўнгги йилларда  Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли  сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, янгиланган ташқи сиёсат самарасида мамлакатимизнинг ЕХҲТ ва унинг иститутлари билан ўзаро ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.

Томонлар атроф-муҳит, экологияни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Марказий Осиёда экология ва сув ресурслари бир-бирига чамбарчас боғлиқлигини инобатга олган ҳолда бу борадаги долзарб масалаларни  ҳал этишда минтақавий ёндашув муҳимлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ЕХҲТ ПА вакиллари Ўзбекистон ва Қозоғистон делегациясининг  “Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш” махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича қўшма ташаббуси муҳимлигини қайд этди.  Ҳужжатда  минтақадаги  долзарб  муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали  чораларни қабул қилишга халқаро  ташкилотлар салоҳиятини жалб қилиш бўйича аниқ тавсиялар келтирилган.

Суҳбат чоғида ЕХҲТ ПА делегацияси аъзолари   Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг амалга оширилиши,  барча даражадаги  вакиллик ҳокимияти органларининг ролини ошириш, шунингдек, атроф-муҳит ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш  соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон томонининг фикрлари билан батафсил танишди.

Музокаралар чоғида томонлар ЕХҲТ ПА  доирасида изчил мулоқот ва фаол алоқаларни ривожлантиришга келишиб олди.

 Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА