Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари соҳасида қулай шароитларни яратиш ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юк ташувлари жараёнини жадаллаштириш мақсадида эндиликда мамлакатлар ўртасида рухсатнома бланкаларининг электрон «E-Permit» айирбошлаш тизими амалиётга татбиқ этилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги маълумотида.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли транспорт маркази» мутахассислари томонидан ушбу тизим тест режимида муваффақиятли ишга туширилган. Натижада «E-Permit» тизимини қўллаган ҳолда илк квоталар алмашилиб, юк автотранспорт воситалари «Яллама» чегара божхона пости орқали ҳаракатланган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ушбу электрон тизим илк маротаба Транспорт вазирлиги ташаббуси билан 2021 йилнинг 11 ноябрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида амалиётга жорий этилган.

А.РУСТАМОВ, ЎзА