Тошкентдаги «Ҳумо Арена» мажмуасида профессионал бокс бўйича IBA «Чемпионлар оқшоми» давом этмоқда.
Кечанинг супер ярим ўрта вазн тоифасидаги баҳсида ҳаваскор боксда жаҳон чемпионати совриндори, Осиё ўйинлари ғолиби, ҳамюртимиз Иқболжон Холдоров ўзининг навбатдаги жанггини ўтказди. Иқболжон Холдоров мазкур кечада қозоғистонлик Рахманқўл Сагадатга қарши баҳс олиб борди. Юқори техника ва тезкорликка эга бўлган Иқболжон ҳакамлар қарорига кўра ғолиб дея эътироф этилди.
Шунингдек, «Чемпионлар оқшомининг» -63.5 кг. вазнида Мужибилло Турсунов ва Жума Чоки (Танзания) 6 раундлик жангда рақобатлашди. Баҳсда вакилимиз Мужбилло Турсунов очколар ҳисобида ғалаба қозонди.
Эслатиб ўтамиз, «IBA Чемпионлар оқшоми»нинг марказий жангги Ҳасанбой Дўсматов ҳамда испаниялик Самуэл Кармона ўртасида IBA чемпионлик камари учун кечади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА