Вазият қандай?, воқеалар шарҳи…
Кеча “Al Jazeera” нашри сингари кўплаб жаҳон оммавий ахборот воситаларида “Эрон якшанба куни эрталаб Исроилга қарши ҳужум уюштириши мумкин” мазмунидаги ахборот кенг тарқалди. Каналлар бу ҳақда ўз номини ошкор этмаган америкалик мулозимнинг фикрларига таяниб хабар берган. Кўрибсизки, тезкор маълумот тонг отмасдан туриб, тасдиғини топди.
CNN хабарига кўра, Эрон 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга юздан ортиқ учувчисиз дрон ва ўнлаб ракеталар учирди. Дастлаб, дрон ҳужуми ҳақида хабар берилган эди, сўнгра Эрон қанотли ракеталарни учиргани маълум бўлди. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриэн Уотсоннинг айтишича, Вашингтон ҳужум “бир неча соат давом этишини” тахмин қилган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу тунда хавфсизлик масалалари бўйича шошилинч йиғилиш ўтказиш учун Бош штабга борган. У, шунингдек, кенг жамоатчиликка махсус мурожаат билан чиққан. Мамлакат ички чекловлар жорий қилаётгани маълум бўлди. Исроилдаги барча таълим муассасалари ёпилган, 1000 кишидан зиёд одам қатнашувчи йиғилишлар чекланган.
Исроил бош вазири мудофаада ҳам, ҳужумда ҳам Эронга тўғридан-тўғри қарши туришга тайёр эканини айтган. Нетаняҳу фуқароларга мурожаатида мамлакат Эрон ҳужумига тайёр эканлигини ва керакли жавоб чоралари кўрилишини маълум қилди.
– Исроил сўнгги йилларда ва айниқса сўнгги ҳафталарда Эрон томонидан тўғридан-тўғри ҳужум эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда, – деган бош вазир ўз мурожаатида. – Бизнинг мудофаа кучларимиз жанговор шай ҳолатда. Биз АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлашини қадрлаймиз, шунингдек, Буюк Британия, Франция ва бошқа кўплаб давлатлардан ҳам бизни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдормиз.
Энг қизиғи, ушбу воқеа туфайли АҚШ президенти Жо Байден дам олиш кунларини қисқартирди ва Оқ уйга қайтди. Исроилнинг “Channel 12” телеканали мамлакат “Бен Гурион” аэропортини ҳужум таҳдиди остида тунда уч соатга ёпиши ҳақида ахборот эълон қилди.
– Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тўлиқ жанговор шай ҳолатда, ўнлаб самолётлар осмонда патруллик қилмоқда. Барча чекловлар душанба куни соат 23:00 га қадар амал қилади, вазиятга қараб ўзгартириш киритилиши мумкин, – дея маълум қилган ЦАХАЛ матбуот хизмати раҳбари Даниэл Хагарий.
Тунда Исроилга қўшни Иордания 14 апрель маҳаллий вақт билан 00:00дан бошлаб ўз ҳаво ҳудудини тўлиқ ёпган. Негаки, Эрон ҳужум бошлагани айтилганди. Айтганча, Эрондан ташқари Яман, Сурия, Ливан ва Ироқдаги қуролли гуруҳлар ҳам Исроилга ракета ва дронлар билан ҳужум қилишни бошлаган.
Хабар берилишича, ҳавода 200 дан ортиқ турли хил дрон ва ракеталар Исроил томон ҳаракатланган. АҚШ USS Duayt Eyzenxauer ядровий авиаташувчи кемасини Исроил томон йўналтирди.
Шундан сўнг Исроил АҚШни Эронга зарба бермоқчилиги ҳақида огоҳлантирди. Оммавий ахборот воситаларида ҳатто Теҳрон марказида портлаш овози эшитилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. ЦАХАЛ Исроил томон дронлар учирилишига жавобан Ливаннинг Ҳизбуллоҳ гуруҳи позицияларига зарбалар берганини эълон қилган.
АBC News хабар беришича, Исроил томон Эрондан, шунингдек, Ироқ, Сурия, Ливан ҳудудларидаги турли қуролли гуруҳлар томонидан 400 тадан 500 тагача дрон ва ракеталар учирилган. Британия бош вазири Риши Сунак Эроннинг Исроилга ҳужумини “ўйланмаган ҳаракат” деб атади. Сунак, шунингдек, Буюк Британия Исроил ва минтақавий шерикларини ҳимоя қилишда давом этишини таъкидлади.
Кипрда жойлашган Буюк Британия қирувчи самолётлари эса Эрон дронларини тутиб олиш учун ҳавога кўтарилди. Оқ уй дарҳол Жо Байден Исроил атрофидаги воқеалар муносабати билан миллий хавфсизлик йиғилишини ўтказишини маълум қилди.
CNN жаҳон тарихидаги энг йирик дронлар ҳужуми амалга оширилаётгани билан боғлиқ хабар бераркан, харитада тасвири акс эттирилган суратлар улашган. Қолаверса, Миср ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Эрондан Исроил томон учирилган дрон ва ракеталар ҳақидаги хабарлар фонида максимал шай ҳолатга келтирилди.
Саудия Арабистони Эрон ва Исроил ўртасидаги вазият кескинлашганидан хавотир билдирган ва томонларни вазминлик кўрсатишга чақирган. Шунингдек, АҚШ, Германия, Канада, Аргентина, Франция, Австрия, Чехия ва Европа Иттифоқи расмийлари Эроннинг ҳужумини қоралаган ва Исроилни қўллаб-қувватлашини билдирган.
Исроил ва Эроннинг БМТдаги доимий вакиллари…
Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан халқаро ташкилотни Эроннинг ҳужумларига эътибор қаратишга чақирди.
– Эрон БМТ Низомини бузди, глобал тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солаётганини кўрсатди, – деб ёзган Исроилнинг БМТдаги доимий вакили ўзининг ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Кўп ўтмай, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш баёнот берди. Бош котиб ўз баёнотида Эроннинг Исроилга ҳужумини қоралашини ва уни зудлик билан тўхтатишга чақиришини билдирган.
Шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Эроннинг Исроилга ҳужуми муносабати билан 14 апрель куни шошилинч йиғилиш ўтказилишини белгилади.
Эроннинг ташкилотдаги доимий миссияси ҳам БМТ бoш котибига мактуб йўллади.
Теҳронга кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгаши тинчликни сақлаш бўйича ўз масъулиятини бажармаган ва Исроилга халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларини бузишга рухсат берган.
– Эрон минтақада кескинлик ёки можарога интилмаяпти, бироқ Исроил ҳарбий тажовуз қилган тақдирда Теҳрон янада кучлироқ ва қатъийроқ жавоб қайтаради, – дейилади Эрон доимий ваколатхонасининг БМТ бош котибига йўллаган мактубида.
Бироз вақт ўтгач, Эрон Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари генерал Бағирий Исроилга қарши операция якунланганини маълум қилди. Генерал Эрон уни давом эттиришни режалаштирмаяпти, деган гапни айтган.
Беҳруз Худойбердиев,
ЎзА мухбири