Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб Эрон Ислом Республикасида ўтказилган халқаро турнирда енгилмас курашчимиз Муҳсин Ҳисомиддинов бош совринни қўлга киритди.
Нуфузли мусобақа -90 ва +90 килограмм вазнларда ўтказилиб, мамлакатимиз шарафини Ризамат Солиев бош мураббийлигидаги 4 нафар спортчимиз ҳимоя қилди.
50 минг томошабинга мўлжалланган «Zeinal-Khan Traditional Wrestling Arena» спорт мажмуасидаги беллашувлар сарҳисобига кўра, мутлақ вазннинг финал баҳсида ўзбекистонлик Муҳсин Ҳисомиддинов ва Асрор Ҳамидов кураш олиб борди. Мазкур беллашувда енгилмас курашчимиз Муҳсин Ҳисомиддинов ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Асрор Ҳамидов эса кумуш медални қўлга киритди. -90 килограммда гиламга чиққан терма жамоамиз аъзоси Алихон Нодиров ҳам ўз вазнида ғолибликка эришди.
Эслатиб ўтамиз, халқаро турнирнинг мукофот жамғармаси 10 минг АҚШ доллари бўлиб, ғолиблар 3 минг, кумуш медаль соҳиблари минг, бронза медалига сазовор бўлган полвонлар 500 АҚШ долларига эга чиқди.
Т. Рўзиев, ЎзА