Таиланднинг Пхукет шаҳрида оғир атлетика бўйича поёнига етган жаҳон кубогида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоада 4-ўринни эгаллади.
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлида кечган муросасиз белашувларда 110 та давлатнинг 500 нафарга яқин маҳоратли оғир атлетикачилари ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Жаҳон кубогининг 12 кунлик муросасиз баҳслари натижасида эркаклар ўртасида 12 та, аёллар ўртасида 9 та жаҳон рекорди янгиланди.
Нуфузли мусобақада 3 та олтин ва 1 та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида Корея Халқ Демократик Республикаси, Хитой ва Арманистон терма жамоаларидан кейинги 4-поғонадан жой олиш билан бирга Париж-2024 Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколарига ҳам эга чиқишди.
Пхукет спорт майдонида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари ғолиби Акбар Жўраев 3 та олтин медалга эга чиққан бўлса, умидли спортчимиз Шарофиддин Амриддинов бронза медали соҳиби бўлди.
Т. Рўзиев, ЎзА