Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 апрелдаги “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 12 нафар шахс авф этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, шундан 9 нафари Жамоат хавфсизлиги пробация бўлимининг жойлардаги пробация гуруҳи назорати остида турган шахс бўлса, қолган 3 нафари Жазони ижро этиш муассасалари томонидан муддатидан илгари шартли озод қилинганлар ҳисобланади.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиққан маҳкумларнинг яшаш манзилига етиб келганлигини ўрганиш, уларни жамиятга қўшиш мақсадида ижтимоий мослаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, бандлигини таъминлаш ва йўқларига янги фуқаролик паспортларини расмийлаштиришда бир қатор ишлар ташкиллаштирилмоқда.

Авф этилганлар орасида Элликқалъа тумани “Қилчиноқ” овул фуқаролар йиғини Чўпон маҳалласида яшовчи 1995 йили туғилган Х.Салиев ҳам бор. У ўз оиласи бағрига қайтиши, жамиятда муносиб ўрин топишига имконият берилгани учун  давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдирди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири