Дунё тараққиёти инсониятдан энг кўп қайси йўналиш мутахассисларини етиштиришни талаб қилади?

Замон тараққий этиб бораётгани инсониятнинг имкониятларини кенгайтириш баробарида унга янги илмлар ва касбларни тақдим этиб келмоқда. Бир пайтлар одамларнинг манзилдан-манзилга учиб боришлари эртаклардагина айтилган бўлса, бугун кўз ўнгимизда ҳаво йўлларининг имкониятлари ҳам оддий кўринмоқда. Хўш, бу каби тараққиёт биргина транспорт соҳасида қандай мутахассисларни талаб қилади?
Кузатувлар орқали айтиш мумкинки, аввало, бошқа соҳаларга нисбатан транспорт соҳасига оид етакчи имкониятлар пайдо бўлади. Натижада келажакда транспорт соҳасида асосий урғу хавфсизлик, экологик тозалик ва логистикадаги сунъий интеллектга қаратилади. Шаҳар транспорти ҳайдовчилари «ақлли» йўлларнинг кўрсатмалари асосида энг қисқа маршрутни топишлари ва камдан-кам учрайдиган тирбандликлар вақтида ҳаво орқали учиб ўтишлари мумкин.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, бунинг учун, албатта, янги транспорт турларини лойиҳалаштирувчиларга эҳтиёж ортиши мумкин. Масалан, сув, ҳаво ва қуруқликда замонавий транспорт воситаларини ишлаб чиқадиган ҳамда уларга хизмат кўрсатадиган мутахассислар лозим. Улар математика, физика ва компьютер моделлаштиришдан фойдаланган ҳолда янги усуллар ва дизайн яратади. Учувчисиз транспорт воситалари соҳасидаги юрист ҳам муҳим касб эгаси бўлади. У учувчисиз транспорт воситаларини ишлатиш, ишлаб чиқариш, сотиб олиш, ижарага бериш ва суғурталашда ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.
Яна бир касб эса кросс логистика оператори. У темир йўл ва бошқа транспорт тармоқларидаги юкни ҳисобга олган ҳолда оптимал йўналишни белгиловчи мутахассис. Ушбу мутахассис юкларнинг етказиб бериш жараёнини назорат қилади ва зарур пайтда барча мавжуд транспорт имкониятларини улаш орқали йўналишни созлаши мумкин.
Бундан ташқари, мослашувчан таъминот занжири менежерига ҳам эҳтиёж туғилиши табиий. Ушбу ходим доимий равишда янги материаллар, бутловчи қисмлар манбаларини қидиради ва таъминот занжирларини қисқа фурсатларда мослаштириш бўйича хизмат қилади.
Бу биргина транспорт соҳасини таҳлил қилганда лозим бўладиган касблар ҳисобланади. Дунёда эса инсониятга хизмат қиладиган йўналишлар кўп.
Қайси йўналиш ривожланишидан қатъи назар, унутмаслик лозимки, табиат ва атроф-муҳитга зарар етказишдан тийилиш инсоният ер юзида омон яшашига сабаб бўлади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА