Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Нодиржон Турғунов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирининг протокол масалалари бўйича ўринбосари Абдулмажид ас-Саммарийга ишонч ёрлиқларининг нусхасини топширди.

Ташқи сиёсат маҳкамасида бўлиб ўтган учрашув чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Абдулмажид ас-Саммарий Ўзбекистон Президенти бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, ташқи сиёсат ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида салмоқли ютуқларга эришилганини таъкидлади. Шунингдек, у икки томонлама муносабатларни барча жабҳаларда мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида Саудия Арабистони ТИВ раҳбарининг ўринбосари элчига икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларни изчил ривожлантириш борасидаги масъулиятли фаолиятига муваффақиятлар тилади.

ЎзА