Байрам савдо ярмаркаси

Элликқалъа тумани ҳокимлиги ташаббуси билан арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Муборак Рамазон ҳайити муносабати билан туман  деҳқон бозорида ташкил этилган ярмарка аҳолига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини арзон баҳоларда  сотиб олиш имконини яратди. Савдо расталарини асосий турдаги озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида таъминотчи корхоналар, агрофирма ва фермер хўжаликлари масъул этиб белгиланган.

Бу каби ташаббуслар  бозорда нархларнинг сунъий ва асоссиз равишда оширилишининг олдини  олади.

“Конституциямиз – бахтимиз” мавзусида очиқ дарс

Беруний туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактабида Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллигига бағишланган “Конституциямиз – бахтимиз” мавзусида очиқ дарс ўтказилди.

Дарс жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси моҳиятини очиб беришга, ўқувчиларнинг хуқуқий саводхонлиги ва фаоллигини оширишга қаратилган интеллектуал мусобақага, савол-жавоблар орқали уларни қонунларни билиш, ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратилди. Жумладан, ўқувчилар  шоирлар ижодидан намуналар айтишди, улар чизган расмларда  Қорақалпоғистон тарихи акс эттирилди.

Конституциядаги яшаш, билим олиш, сўз эркинлиги, касб танлаш, маънавий ва маданий меросни асраб-авайлаш тўғрисидаги моддаларнинг аҳамияти алоҳида  таъкидланди.

Қонликўлда “Сирдарё дўстлик боғи”  

Қонликўл тумани “Наврўз” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 3 гектар майдонда “Сирдарё дўстлик боғи” яратилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Сирдарё  вилояти ҳокими ўринбосари В.Убайдуллаев, туман ҳокими Б.Султанов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирилди. Ҳозир барча ҳудудларда дарахт экиш, янгидан боғ яратиш бўйича кенг  кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳамкорликда барпо этилган боғ Сирдарё вилояти ҳамда Қонликўл тумани ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга, ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири