Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Қорақалпоғистон Республикасидаги 64 та жоме масжидида муборак Рамазон ҳайити намози ўқилди.

Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида ҳайит намози олдидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Т.Романов барчани байрам билан қутлаб, давлатимиз раҳбарининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг халқимизга Рамазон ҳайити табригини ўқиб эшиттирди.

Таъкидланганидек, муқаддас динимиз буюрган ибодат ва амалларни муборак Рамазон ойида чин дилдан, ихлос билан адо этган юртдошларимиз ҳайит айёмини катта шоду ҳуррамлик билан кутиб олди. Президентимизнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси асосида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Фуқароларнинг масжидларга хавфсиз келиб-кетишлари учун жойларда барча шарт-шароит яратилди. Ҳайит намозига йиғилганлар ушбу қутлуғ ва муқаддас байрам билан қутланиб, тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун яратганга шукроналар айтди. Ҳайит намозидан сўнг жаннатмакон юртимизга тинчлик-омонлик сўраб, халқимиз фаровонлиги, ёшларимиз бахту иқболини тилаб, дуолар қилинди.

Жойларда Рамазон ҳайити муносабати билан уламолар, имом-хатиблар, фахрийлар, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Байрам муносабати билан жойларда саховат тадбирлари доирасида кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.