Ҳозирги вақтда автомашиналик бўлиш истагини билдирган фуқароларимизга банклар томонидан узоқ муддатли бўлиб тўлаш шарти билан кредит ажратилмоқда.
Бироқ, айрим фуқаролар ажратилган кредит пулларини белгиланган муддатларда қайтармаётгани ачинарлидир. Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2023 йил 15 декабрдаги ижро ҳужжатига асосан кредит қарзини ўз вақтида қайтармаган қарздор К.И.дан “Капитал банк” АТБ фойдасига 298,1 миллион сўм ундириш, уни эса кредитга олинган MALIBU-2 русумли автотранспорт воситасига қаратиш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва бўлим томонидан қарздорга тегишли бўлган, ундирув қаратилиши белгиланган MALIBU-2 автомашинаси тегишли тартибда хатловга олинган. Шунга қарамасдан, қарздор томонидан кредит қарздорлиги бартараф этилмаганлиги сабабли хатланган автомашина электрон онлайн аукцион савдо орқали сотувга чиқарилган.
Жорий йилнинг 1 апрель куни ўтказилган аукцион савдоларида MALIBU-2 автомашинаси 251 миллион сўмга сотилди ва тушган пул маблағи банк фойдасига ўтказилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.