Таиланднинг Пхукет шаҳрида шиддатли баҳсларга бой тарзда давом этаётган жаҳон кубогининг ўнинчи кунги мусобақаларида мамлакатимиз оғир атлетикачилари 4 та медалга сазовор бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони Акбар Жўраев -109 килограмм вазн тоифасида яна бир карра дунёнинг тенгсиз полвони эканини намойиш этди.
Истеъдодли спортчимиз Акбар Жўраев даст кўтаришда 189 килограмм, силтаб кўтаришда 227 кг. ва икки кураш натижасига кўра, 416 килограмм тошларни бўйсундирган ҳолда жаҳон кубогининг 3 та олтин медалини қўлга киритди. Тақдирлаш маросимида олис Таиландда Акбар Жўраевнинг ғалабаси шарафига Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз сарбаланд бўлди.
Шунингдек, ёш спортчимиз Шарофиддин Амриддинов -109 килограммдаги муросасиз курашларда ўз маҳоратини намойиш этди. У даст кўтаришда 170 килограмм тошни бўйсундириб бронза медали соҳиби бўлган бўлса, силтаб кўтаришдаги 208 килограмм кўрсаткич билан 5-ўринни ва икки курашдаги 378 килограммли натижа билан жаҳон кубогини 4-поғонада якунлашини таъминлади. Силтаб кўтариш ва икки курашдаги кўрсаткичлари кучлилар ўртасида ўрин олишига имкон бермади.
Т. Рўзиев, ЎзА