Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимизда жорий йилнинг 21 апрель куни VI Тошкент халқаро марафони ўтказилади. Тадбир дастурига 42 км. классик марафон масофаси, 21 км. ярим марафон масофаси ва 3 ҳамда 10 км. масофалари киритилган. Марафонда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан атлетлар иштирок этиши кутилмоқда.

Ушбу нуфузли тадбир Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Миллий олимпия қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда мамлакатимиз енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилмоқда.

Бугун, Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида мазкур марафон олдидан ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди. Унда ташкилотчилар ўз йўналишлари бўйича муаммо ва камчиликлар борасида мутасаддиларга тушунтириш берди. Ушбу камчиликлар танқидий кўриб чиқилди ва ижобий ҳал этилиш бўйича таклифлар ўрганилди.

Маълумот учун, VI Тошкент халқаро марафонининг умумий соврин фонди 720 миллион сўмни ташкил қилади. Илк маротаба эркаклар ва аёллар ўртасида трасса рекорди учун асосий мукофотлардан ташқари бонуслар тақдим этилади. Аниқроғи, марафон масофаси учун 15 миллион сўм ва ярим марафон масофаси учун 10 миллион сўм берилади. Тошкент марафони халқаро миқёсдаги спорт тадбири бўлиб, «World Athletics Label« мақомига эга ҳамда «World Athletics» (Енгил атлетика федерациялари халқаро ассоциацияси) мусобақалар тақвимига киритилган.

Дарвоқе, мазкур марафонда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш 15 апрелга қадар узайтирилди. Унда иштирок этиш учун perfend.com платформасида рўйхатдан ўтиш мумкин.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА