Маълумотларга кўра, 2023 йил якуни бўйича кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари ва ширкатлар томонидан кўрсатилган хизматлар учун фуқароларнинг 561,8 млрд. сўм қарздорлиги вужудга келган. Бугунги кунга қадар мазкур қарздорликнинг 114,4 млрд. сўм қисми (20,3 фоиз) қопланган, 447,4 млрд. сўм қисми (79,7 фоиз) ундирилмаган. Бу ҳолат эса пул маблағи етарли бўлмаган БСК ва ширкатлар учун қарздорликни ундиришда муайян қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Эндиликда кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ўзлари томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод қилиниши таклиф этилмоқда.

Ушбу тартибларни ўз ичига олган «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига коммунал тўловларни суд орқали ундиришда қулайликлар яратишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ЎзЛиДеП фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таклиф этилаётган ўзгартишлар ва қўшимчалар шахснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтиришга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга хизмат қилади.

 

М.Комилова, ЎзА