Болани ёшлигидан китоб мутолаасига ўргатишда онанинг ўрни беқиёс. Оилада она китобхон бўлса, фарзандлар ҳам, албатта, китобга меҳр қўяди. Болани китоб ўқишга мажбурлаш эмас, ҳар бир она, аввало, ўзи ўрнак бўлса, натижа кутилгандан ҳам зиёда бўлади. Шу боис бугунги кунда жойларда “Китобхон она, китобхон бола” шиори остида танловлар ташкил этилмоқда.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида профессор-ўқитувчилар ва ходима аёлларнинг фарзандлари иштирокида ўтказилган “Китобхон она, китобхон бола” кўрик-танлови гапимизнинг исботидир.
Тўртта шарт бўйича ўтказилган танловда 9 нафар профессор-ўқитувчи ва ходима фарзандлари билан иштирок этди. Турли эртак китобларни мутолаа қилган болажонлар уларнинг мазмунини ўзларининг ширин тилида ҳикоя қилиб берди.
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, 9-12 ёш оралиғидаги болалар орасида филиал ходимаси Н.Қадиримбетованинг қизи Г.Абдикаликова, 5-7 ёш оралиғида эса филиал ходимаси Ж.Жалғасбаеванинг фарзанди М.Серикбаева биринчи ўринни эгаллади.
Филиал директори А.Есимбетов танлов ғолибларини қутлаб, уларга диплом ва эсдалик совғаларини топширди
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири