Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов Оксфорд камбағалликка қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш ташаббуси директори, профессор Сабина Алкир билан учрашди.

OPHDI 2007 йилдан Оксфорд университети қошида тадқиқот маркази сифатида фаолият юритади.

Сабина Алкир камбағалликни қисқартириш, ижтимоий таъминот, Янги Ўзбекистонда бандлик ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва давлат дастурларини юксак баҳолади.

— Ўзбекистон раҳбарининг мамлакатда камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган сиёсати жуда долзарб ва муҳим, -деди Сабина Алкир хоним. — Айниқса, бунда ҳукуматнинг ушбу муаммоларга ҳамкорлар билан биргаликда илғор хориж тажрибаси ва янги ёндашувлар асосида ечим қидириши ва уларни ҳаётга изчил татбиқ этиши борасида саъй-ҳаракатлари алоҳида мақтовга сазовор. Бунга мен 2022 йил май ойида Бухорода камбағалликни қисқартириш бўйича I-халқаро форумдаги иштироким вақтида амин бўлганман.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар маркази билан биргаликда OPHDI да давра суҳбати ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА