Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Грузия Парламенти Раиси Шалва Папуашвили бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида делегация аъзоларига «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатасининг фаолияти, палатанинг қўмиталари, комиссиялари ҳамда депутатларнинг асосий вазифалари тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон – Грузия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, Шалва Папуашвили сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, амалий руҳдаги учрашувларни изчил давом эттириш, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш икки томон манфаатларига бирдек хизмат қилишини қайд этди.

Учрашувда шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация, тўқимачилик, электротехника, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўлами тобора кенгайиб бораётгани хусусида ҳам сўз юритилди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди.

 

М.Комилова, ЎзА