Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини алкотестер ёрдамида аниқлаш тартиби жорий этилади.

Қарор билан Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Энди ички ишлар органлари ходимлари ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари ва (ёки) ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилади.

Бошқа ҳолларда алкоголли ичимлик истеъмол қилганликни аниқлаш тақиқланади, йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш ҳоллари бундан мустасно.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган шахс алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилиб, унинг организмида алкоголь мавжудлиги аниқланса, бироқ натижалари бўйича ушбу шахсда эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда, унинг организмида алкоголь мавжудлиги аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун ушбу шахс масъул ходимлар томонидан туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига олиб борилади.

Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари алкотестерлар билан тўлиқ таъминлангунга қадар шахслар туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.

ЎзА