Нукусда коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс-назорат хизматларининг фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.

Йиғилишда юртимизда ушбу иллатга қарши курашиш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари, уларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида гапирилди. Шунингдек, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, айрим жойларда қатор қонунбузарлик ҳолатлари учраётганлиги қайд этилди.

Ўтган 2023 йилда республика бўйича 530 нафар  турли даражадаги лавозимли ва масъул шахслар, шунингдек, фуқаролар томонидан коррупция билан боғлиқ 304 жиноятга қўл урилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига  молиявий зарар келтирилган.

Аниқланган коррупцион жиноятлар бўйича айрим вазирлик, ташкилот ва муассасалардаги “комплаенс назорат” тизими ходимлари томонидан текшириш-ўрганиш, мониторинг, сўровнома ўтказиш, давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувини таҳлил қилиш каби ишлар тўлиқ йўлга қўйилмаган. Бугунги кунда комплаенс- назорат бўлими ходимлари фақат тарғибот ишларини ўтказиш билан чекланмоқда.

Йиғилишда бугунги кунда ички аудит хизматлари фақат профилактика ишларини ўтказиш билан чекланиб қолаётганлиги, шу билан бирга тегишли соҳаларни назорат қилувчи инспекцияларнинг фаолияти ҳам талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди. Ўз хизмат вазифасига эътиборсизлиги, белгиланган вазифаларни бажаришда камчиликларга йўл қўйгани учун айрим соҳа вакилларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

Мажлис якунида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири