Қозоғистоннинг ўнта вилоятида маҳаллий фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев республикадаги сув тошқинлари туфайли юзага келган мураккаб вазият муносабати билан ўз мурожаатида маълум қилди. Бу хабар Қозоғистон раҳбари сайтида эълон қилинган.

– Кўп йиллардан буён кузатилмаган табиий офат юз берди. Эҳтимол, бу сўнгги 80 йил ичида кўлами ва оқибатлари бўйича энг катта офатдир, -деди Тоқаев. —Сув тошқинлари туфайли мамлакатнинг ўнта вилоятида (Aбай, Aқмола, Оқтўбе, Aтирау, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон ва Улитау) маҳаллий фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Ҳукумат сув тошқини оқибатларини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди, Бош вазир бошчилигида Республика штаб-квартираси тузилди.

– Табиий офатга қарши курашиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг барча имкониятлари, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Қуролли Кучлар, Миллий хавфсизлик қўмитаси кучлари сафарбар этилган. Жабрланган вилоятлар ҳокимликлари кечаю кундуз ишламоқда, бир неча ўн минглаб кўнгиллилар уларга жойларда катта ёрдам кўрсатмоқда. Вазият қийин, аммо умидсизликка тушишнинг ҳожати йўқ, биз бу вазиятни тўғирлаймиз. Aсосийси, инсонлар қурбон бўлишининг олдини олиш, — деди Қозоғистон давлат раҳбари.

Тоқаев барча жабрланганларга моддий ва бошқа зарур ёрдам кўрсатилишини, барча моддий йўқотишлар қопланишини таъкидлади.

– Биз бу катта тошқинлардан кўп сабоқ олишимиз керак. Табиий офатларнинг олдини олиш бўйича ташкилий чора-тадбирлардаги камчиликлардан тортиб, ирригаторларнинг етишмаслигигача, табиатга нисбатан менсимайдиган муносабатда бўлганимиз каби жиддий муаммоларга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият органлари сув тошқинларига қарши курашни самарали мувофиқлаштиришда давом этишлари керак. Сув босган ҳудудларда ҳуқуқ ва тартибни таъминлаш зарур”, — деди у.

Президентнинг сўзларига кўра, Мудофаа вазирлиги табиий офатга қарши курашиш учун қўшимча ҳарбий қисмларни жўнатади.

Бундан ташқари, Тоқаев оммавий ахборот воситалари, фикр етакчилари ва блогерларни ваҳима қўзғатувчи тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди.

– Бундай вазиятда ҳокимият ва жамиятни бирлаштиришга қаратилган ҳаракатлар алоҳида аҳамиятга эга. Фуқаролардан фақат расмий ахборот манбаларига ишонишларини сўрайман, – деди Тоқаев. – Мамлакат учун оғир бўлаётган ҳозирги даврда жамиятимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, сув тошқини бошланганидан бери 3171 та хусусий турар-жой биноси ва 179 та ҳовли ҳудуди сув остида қолмоқда. 1051 та уй ва 1319 та ҳовлидан сув тортилди. 46 минг 755 киши, жумладан 14 минг 589 нафар болалар қутқарилди ва эвакуация қилинди, 60 минг бош қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари ҳайдаб чиқарилди.

Шу билан бирга, 2602 киши вертолётлар ёрдамида эвакуация қилинди. Вақтинчалик жойлаштириш марказларида 12 минг 541 нафар фуқаро бор, шундан 6439 нафари болалардир.

ЎзА