Одил судловга эришиш ҳуқуқ устуворлигининг асосий тамойили ҳисобланади. Бугунги кунда эркакларга нисбатан заифроқ ҳисобланган хотин-қизларнинг одил судловга эришиш масалалари айниқса долзарб ҳисобланади.

Чунки хотин-қизларнинг одил судловга эришишида кўплаб тўсиқлар мавжуд бўлиб, уларни шартли равишда ҳуқуқий, институционал, ижтимоий, маданий ва иқтисодий тўсиқларга ажратиш мумкин.

Жаҳон тажрибаси қонунчиликнинг гендер сезувчанлигини таъминлаш, хотин-қизларни ўз ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилиш, бепул юридик ёрдам олишлари учун тегишли шарт ва тузилма яратиш, гендер масалалари бўйича судьялар ва адвокатларни ўқитиш, қўлланилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги бўйича мониторингни амалга ошириш нақадар муҳим эканлигини кўрсатяпти. Буларнинг барчаси муаммонинг ечимига комплекс ёндашувни шакллантиради.

Мамлакатимизда гендер масаласига оид 2 та қонун қабул қилинди, ижтимоий мослашув ва реабилитация марказлари ташкил этилди, ишонч телефонлари ва юридик клиникалар фаолият юритмоқда, онлайн-маслаҳатлар ташкил этилмоқда, гендер индикаторларидан фойдаланиш амалиёти босқичма-босқич жорий этилмоқда.

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида агар шахс ўзини жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмайди. Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда, уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади деб белгиланган.

Хотин-қизларнинг инсон хуқуқларини жиддий равишда чеклайдиган ва уларнинг одил судловга эришишига тўсқинлик қиладиган тўсиқ иқтисодий тўсиқ ҳисобланади. Яъни, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишда молиявий ресурсларнинг, шу жумладан, адвокатларнинг хизматлари учун тўловлар, давлат божлари, транспорт харажатлари каби харажатлар учун маблағларнинг етишмаслиги. Ресурсларнинг чеклангани хотин-қизларнинг одил судловга мурожаат қилиш имкониятига таъсир қилади, чунки улар одатда турмуш ўртоғига молиявий жиҳатдан карам бўладилар.

Польшада суд тизими вакиллари (пробация ходимлари, стажер судьялар ва судьялар) ҳар йили ўтказиладиган “Зўравонликдан жабрланганларга бепул ёрдам кўрсатиш хафталиги: очиқ судлар” тадбири давомида хотин-қизларга зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқлари тўғрисида бепул маълумот ва ҳуқуқий маслаҳатлар беради.

Хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, давлатимизда гендер тенглик ва зўравонлик бўйича судларда ишонч телефонлари ва онлайн маслаҳатлар яратиш, шунингдек, суд тузилмаларининг сайтларига тегишли рубрикалар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Гаўҳар ЗАРИПОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги