Давлат тиббий суғуртаси тизимини мамлакатимизда жорий этиш ишлари давом этмоқда. Давлат тиббий суғуртасининг бир нечта афзал жиҳатлари мавжуд.
Рақамлаштириш, йўлланмалар тизими, кафолатланган тизим, реимбурсация шулар сирасидан. Мисол учун, рақамлаштириш эвазига узундан-узун навбатларга ва ортиқча қоғозбозликка чек қўйилади. Шу боис, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2024 йилда давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга тайёргарлик ишлари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бошланди. Бунда асосий эътибор тиббиёт ходимларининг билимлари ва кўникмаларини ошириш ҳамда тиббиёт муассасаларини компьютер жамламалари, локал тармоқлар, юқори тезликдаги интернет билан таъминлашга қаратилмоқда.
Аҳолиси икки миллион нафардан ошган Қорақалпоғистон Республикасида 218та шифохона ва тиббиёт муассасаси, хусусан, 69 та оилавий шифокорлик пункти, 81та оилавий поликлиника, 17та кўп тармоқли марказий поликлиника мавжуд. Мазкур тиббиёт муассасалари аҳолига электрон тизим орқали хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқда. Электрон тизимдаги маълумотлар асосида автоматик тарзда ҳисоботларнинг шаклланиши тиббиёт ходимларининг ҳам вақтини тежамоқда.
Ҳозирда республикада шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларидаги кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктларида 947та тиббиёт бригадаси шакллантирилди. Ушбу бригада 5та тиббиёт ходимидан иборат бўлиб, улар бириктирилган аҳолига самарали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатади.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида 341 та шифокор олди текширув ўтказиш хоналари ташкил этилиб, улар тарози, бўй ўлчагич мосламаси, тонометр, фонендоскоп, ЭКГ, пульсоксиметр каби зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ушбу хонада амалиётчи ҳамшира мустақил равишда аҳолини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли норматив ҳужжатлари асосида текширувлардан ўтказади.
Аҳолига бирламчи тиббий санитария ёрдамини янада якинлаштириш мақсадида мазкур муассасаларда 1 минг 189 та ўринли кундузги шифохоналар ташкил этилди. Кундузги шифохоналарнинг иш вақти 8.00 дан 20.00 гача этиб белгиланган.
Жорий йилда шифохонага мурожаатлар ва қатновларга оид маълумотлар, тор соҳа мутахассисларига мурожаатлар, диагностика-лаборатор таҳлил натижаларини электрон тарзда қайд этишга тўлақонли ўтилади. Тиббий бригадалар фаолияти самарадорлигини ошириш, ортиқча қоғозбозликларни камайтириш мақсадида оилавий шифокор, амалиётчи ва патронаж ҳамширалари, доялар фаолияти натижаларини баҳолашнинг электрон мониторинги юритилади.
Шу кунларда давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Қорақалпоғистонда реимбурсация дастурини жорий этишга тайёргарлик кўрмоқда. Шу мақсадда дорихоналар рўйхати тайёрланиб, артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касалликларини даволаш учун сарфланадиган тахминий маблағлар ўрганилмоқда.
Ушбу жараёнда доимий равишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан услубий ёрдам кўрсатилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги