Исроилнинг қирғин қуроли ҳақида

Исроилнинг икки нашри мамлакат армияси Ғазога ҳаводан ҳужум учун нишонни ажратиш ва аниқлаш учун “Лавендер” номли сунъий интеллект асосида ишлайдиган маълумотлар базасидан фойдаланаётгани ҳақида хабар берди. Ушбу маълумотлар базаси 37 минтагача нишонни аниқлаб, тегишли рўйхат тузиш имконига эга экан. Қурилма 10 фоиз хатоликка йўл қўйган бўлса-да, Ғазодаги ХАМАС фаоллари манзилини аниқлаш ва уларни йўқ қилиш учун етарли салоҳиятга эга.

Нашрлар ёзишича, муайян режа Ғазо ҳудудидаги минглаб оддий аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлган. Сунъий интеллект билан ишловчилар ҳужумга рухсат берилишидан 20 сония олдин нишонга олинганлар рўйхатини кўриб чиқади. Ҳар бир фаластинлик аскар йўқ қилиниши учун 5-10 нафар бегуноҳ фуқаро ҳам қурбон қилинаркан. Айни таҳлил Ғазода нима учун оддий аҳоли ўлими кўплиги ҳақидаги саволга жавоб бериши мумкин.

“972 Magazine” ва иброний тилида чиқадиган “Local Call” нашрларининг Исроил Ғазода сунъий интеллектдан қандай фойдаланаётгани ҳақидаги ахбороти технологик қурилмаларга иштиёқманд бошқа давлатларни ҳам қизиқтириб қўйган. Австралиялик журналист, “Фаластин лабораторияси: Исроил дунё бўйлаб технологиясини қандай экспорт қилади?” китоби муаллифи Энтони Ловенштейн ёзишича, Исроил ушбу қурилмаларини бошқа давлатларга экспорт қилиш тараддудида.

– Исроил ҳозир бу воситаларни Ғазодаги ҳолатга нафрат билан эмас, балки ҳайрат билан қараётган хорижий ташкилотлар, ҳукуматларга сотиш йўлини изламоқда, – деган Ловенштейн. – Яқин ойлар, йилларда эҳтимолий харидорларни билиб оламиз.

Журналист фикрича, ҳозир қирғинга қарши эканини айтаётган давлатлар ҳам кун келиб, бундай аслаҳаларга қизиқиб қолиши мумкин.

С.Поёнов,

ЎзА